Европа Андрологлар Академиясининг узоқ йиллардан бери берадиган таърифига кўра Андрология – эркаклар репродуктив системасини нормал ва патологик ҳолатини ўрганадиган фандир. Лекин охирги йилларга келиб андрологиянинг ўрганадиган соҳасига эркаклар жинсий муаммолари, эркаклар бепуштлиги ва аёллар жинсий муаммоларини ўрганиш киритилган.
Андрология фани билан бундан чамаси эллик йиллар олдин эндокринологлар, гинекологлар, дерматологлар, психологлар ва урологлар томонидан шуғулланиб келинган ва ҳар ким ўз қўл остида бўлиши кераклигини таъкидлаганлар. Лекин охирги 30–35 йил давомида урологларнинг кўрсатган жонбозликлари туфайли андрология жуда катта ютуқларга эришди, ҳатто-ки баъзи мамлакатларда алоҳида соҳа, йўналиш сифатида эътироф этаётганлар ҳам йўқ эмас.(Nieschlag E: Scope and goals of Andrology. In Hellstrom WJG(ed): The Atlaas of Heman Sex Anatoming, Allen Press, Lawarence, 1999, 1-25)
Андрология бугунги кунга келиб ривожланаётган фан бўлишига қарамай андрология сўзининг келиб чиқиш антик Юнонистонга бориб тақалади. Andros=эркак, Logos=билим Alciphoron ва Lucianus томонидан илк маротаба ишлатилган. Антик Юнон ва Миср маданиятларига оид кўплаб ёзувларда андрологияга оид ритуалларни топиш мумкин. Бу даврларда жинсий муомалани илоҳий бир куч сифатида кўрсатилган.
Гиппократ ҳам антик юнон маданиятига таянган ҳолда тўрт суюқлик (қон, балғам, шиллиқ ва қора ўт) ва тўрт элемент (ер, ҳаво, ўт ва сув) орасидаги мувозанатни бузилиши импотенцияга сабаб бўлишини айтиб ўтган. Бундан ташқари Гиппократ моякни томир воситасида жинсий олатга боғланганини ва шу томирдаги патология импотенцияга сабаб бўлади деб ўйлаган. (Hippocrates. Airs, waters and places. In: Chadwichk AJ, Mann WN(eds): Hippocratic writings. Penguin, London, 1987, pp47-64.)
Бу тушунча, Leanardo da Vince’нинг осилаётган маҳкумларда рефлекс сабабли эрекцияни кузатилиши ва Reiner de Graaf’нинг эса мурдаларда a.ilica interna’га суюқлик жўнатганда эрекция бўлганлиги тажрибаларидан сўнг ўзгарган. Шундан сўнг барча илм йўналишларидаги каби эркак ва аёл анатомиясидаги ривожланишлар жадал тус олди. XIX асрга келиб Wilkonson гонорея, импотенция ва уретра стриктуралари каби касалликларни даволаш ҳақида аҳамиятли фикрларини ёзиб қолдирган. Echhard эса эрекциянинг нейроваскуляр феномен эканлигини айтиб ўтган.
Андрологиядаги бепуштлик мавзуснинг ривожланишига Lovenhook’ни микроскопни кашф қилиши ва 1686йилда Ham’нинг сперматозоидни аниқлаб таъриф беришининг катта таъсири бўлган бўлса замонавий тус олишига эса немис гинекологи Harold Siebke ишларини аҳамияти жуда катта бўлган. (Dunsmuir WD: History of erectile dysfunction. In Carson CC III, Kirby RS (eds): Textbook of Erectile Dysfunction, ISIS Medical Medie, Oxford, 1999, pp3-13)
Юқорида айтиб ўтганимиздек, андрология билан 1980–йилларга қадар бир қанча мутахассислар шуғулланган ва турли номлар билан аташган. Булардан Сперматология ва Сексологиялардир. Лекин бу сўзлар андрология маъносини бермайди балки жудаям тор тушунчадир. Сперматология – сперма (маний)ни
ўрганадиган фан бўлса, Сексология–кенг маънодаги жинсий муаммоларни руҳият билан боғлаб ўрганади.(Johnson J: Literary and historical aspects of disorders of sexual potency. In: Johnson J (ed) disorders of sexual impotence in the male. Pergamon Pres, London, 1968, pp1-9.
Angletti LR: For a history of andrology. Med Secoli 2001; 13:251-254)
Андрология сўзининг ишлатиши ва билим сифатида тан олиниши 1950–йиллардан сўнг бошланган. Австралиялик Walter Ludvik ўзининг 1976–йилда нашр қилган “Andrologie” номли китобида эркак генитал системаси касалликларини ёритиб ўтган. 1980–йилда нашр қилинган Alpay Kelami’нинг “Atlas of Operative Andrology” китобида эса генитал аъзолар хирургиясида кириш йўлларини тушунтирган. Шу билан бирга ўша йилларда Берлин ва Лондонда Kelami ва Pryor биргаликда бир қанча андрологик симпозиумлар ташкил қилганлар ва урологларга андрологиядаги ривожланишлардан хабардор қилиб турганлар.(Schirren C: Andrology. Origin and development of a special discipline in medicine. Reflection and view in the future. Andrologia 1985; 17: 117-125
Ludvik W: Andrologie. GT Verlag, Stuttgart, 1976
Kelami A” Atlas of Operative Andrology. De Guyter Verlag, Berlin, 1980)
Андрология ўз ривожланиш йўлида ўз маъносини ифодаламаган баъзи терминларни ҳам ўзгартириб келмоқда. Бунга мисол сифатида импотенция сўзини ўрнига ҳозирги кунда эректил дисфункция қўлланилаётганини кўрсатишимиз мумкин. Бундан ташқари дунё аҳолисининг сонини ортиши, ёши катталарнинг нисбатини ортиши ва улардаги умумий соғлиғидаги муаммолар билан бирга жинсий муаммоларни ривожланиши Андрологияни Гериатрия билан бирга фаолият кўрсатиш лозимлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкин–ки, эркак репродуктив системаси ва жинсий муаммолари билан аёл жинсий муаммоларига таъсир этадиган барча факторлар билан бирга эркакдаги қарилик туфайли рўй берадиган ўзгаришларни ўрганадиган андрология фани ҳали ривожланиш босқичидадир.
Андрологлар-Урологлар дунё илм фани ривожланишидан фойдаланган ҳолда инсонларга касалликларини даволашда, соғлом ва сифатли ҳаёт кечиришларида қўлларидан келган куч–ғайратларини аямайдилар.
Уролог–андролог Зарифжон Муродов Жумабоевич.
Добавлено: 02 ноя 2018 в 13:40 Категория: Andrologiyaga oid Просмотрено: 8171 раз